Бокс/ММА

Ўзбек боксчиси жанг вақтида бошидан жиддий жароҳат олиб шифохонага ётқизилган

Ҳаваскор боксчилар ўртасида Озарбойжонда бўлиб ўтаётган ”Буюк Ипак йўли” халқаро турнирида ўзбекистонлик боксчи билан боғлиқ нохуш ҳолат кузатилган. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри Озарбойжондаги манбаларга таяниб хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, мусобақанинг дастлабки босқичида -64 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Алиёр Норалиев мезбон, озарбойжонлик спортчига қарши жанг вақтида бошидан жиддий жароҳат олган ва уни тез тиббий ёрдам машинаси ёрдамида шифохонага олиб боришларига тўғри келган. Тез ёрдам машинаси узоқ вақт келмагани қўшимча муаммоларни туғдиргани айтилмоқда. Ҳозирча ўзбекистонлик боксчининг айни вақтдаги ҳолати бўйича маълумотлар берилмаган.

Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан берилган хабарда Алиёр Норалиев биринчи жангда ғалаба қозонгани кўрсатилган. Аммо кейинги босқичларда кўрсатиб ўтилган жангларда Алиёр Норалиев номи бутунлай тушиб қолган. У кейинги босқичда рингга чиқмаган. Шу маънода унинг жароҳат олгани ҳақиқат бўлиб чиқмоқда. Аммо федерация бу ҳақда расмий маълумот бермаган.

”Ўзбекистонлик яна бир боксчи (Ҳасанбой Дўсматов назарда тутилган) ярим финалда жароҳати сабаб рингга чиқмади. Мураббийлар биринчи кундаги оғир жароҳат воқеаси сабаб, ярим финалда енгилроқ жароҳат бўлишига қарамасдан таваккал қилишмаган кўринади”, деган озарбойжонлик манба.

Эслатиб ўтамиз, бугун бўлиб ўтадиган турнирнинг финал жангларида беш нафар ўзбекистонлик боксчи иштирок этади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид