Бокс/ММА

Ўзбекистонлик яна бир енгилмас боксчи чемпионлик камарини қўлга киритди

Профессионал бокснинг енгил (-61,23 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Равшанбек Умурзоқов (8-0, 7 КО) ўзининг навбатдаги жангида чемпионлик камари учун рингга чиқиб, ғалаба қозонди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.

Умурзоқов 13 апрель куни Молдова пойтахти Кишинёв шаҳридаги Енгил атлетика ёпиқ манежида бўлиб ўтган WBA Asia чемпионлик камари учун жангда филиппинлик Роберто Гонсалесга (28-5, 17 КО) қарши рингга чиқиб, рақибини иккини раундда нокаутга учратди. Гонсалес биринчи раунднинг 2:14 сониясида ҳам нокдаун ҳолатига тушган, бироқ жангни давом эттиришга муваффақ бўлганди. Иккинчи раунднинг 2:15 дақиқасида эса Равшанбекнинг рақибнинг бош ва жигар қисмларига берган зарбасидан сўнг филиппинлик боксчи ерга қулади.

Натижада Умурзоқов фаолиятидаги дастлабки чемпионлик камарини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, Равшанбек Умрзоқов бунгача сўнгги марта 22 февраль куни Екатеринбургда бўлиб ўтган бокс оқшомида рингга чиқиб, бошқа бир филиппинлик боксчи Римар Метудани (12-5-1, 7 КО) 4 раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид