Футбол

АПЛ клубининг энг қиммат трансфери самолётда авиаҳалокатга учради

Норманд ороллари авиацион қидирув гуруҳи бошлиғи, Ла Манш бўғозида “Кардифф Сити”нинг янги футболчиси Эмилиано Сала бўлган самолётни қидириш ишларига раҳбарлик қилган Жон Фитцжеральд иш якунлари ҳақида маълумот берди.

“Менга хабар беришларича, денгизда ёстиқ, тўқ сариқ рангдаги предмет, қути ва бошқа кўплаб оқ рангдаги буюмларни топишган. Уларнинг атрофида металл парчалари сузиб юрган”, — дея Фитцжеральднинг сўзларини келтирмоқда RMC.

Фитцжеральд қолдиқлар топилган жойга қутқарув қайиғи юборилгани ҳақида маълумот берган.

Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни Сала “Нант”даги собиқ жамоадошлари билан хайрлашиш учун Францияга борган.

У шу куниёқ хусусий самолётда Уэльсга қайтганди. Аммо у чиққан хусусий самолёт қўниш вақтидан бир соат аввал радарлардан йўқолди.

Уни ўша заҳоти қидириш ишлари бошланди, аммо об-ҳаво шароити ва қоронғи тушгани туфайли ишлар тўхтатилди. Қидириш ишлари 22 январь куни тикланиб, кун бўйи 5 самолёт ва яна бир қанча қидирув кемалари иш олиб боришди, аммо натижа бўлмади.

Бу орада ОАВда футболчи парвоз вақтида WhatsApp гуруҳидаги яқинларига аудиохабар жўнатгани маълум қилинди.

“Салом, йигитлар, ишлар қалай? Укагинам, менинг кучим қолмади. Нантда бир қатор ишларни бажардим, ҳозир эса сочилиб кетиши мумкин бўлган самолётда Кардиффга учяпман. Эртага ҳаммаси бошланади, кундузи янги жамоа билан машғулотларга киришаман. Кўрамиз, нима бўларкан. Ака-укалар, опа-сингиллар қалай? Ҳаммаси яхшими? Яна бир ярим соатдан сўнг мендан янгиликлар бўлмаса, билмайман, кимдир мени қидирaдими? Балки, мени топишнинг имкони бўлмас. Худойим, қандай даҳшат”, деганди футболчи.

Қидирувнинг иккинчи куни полиция футболчининг омон қолганига умид деярли йўқлигини маълум қилганди.

“Ўша вақтда ҳаво анча совуқ бўлган. Шунингдек, музли ёмғир ёққан. Қуюқ туман эса кўриш чегарасини камайтирган. Ҳозир эса барчаси яхши. Ҳаво ҳам зўр, бироз иссиқ.

Менинг илк хулосаларим оддий. Сала катта эҳтимол билан ҳалок бўлган. Бундай шароитда одам боласи тирик қолиши амри маҳол. Аммо таслим бўлиш йўқ, излашда давом этамиз”, деганди Жон Фитцжеральд.

Учинчи уриниш 23 январь тонгида бошланганди.

28 ёшда бўлган Эмилиано Сала футболчилик фаолиятини 2010 йили “Бордо” сафида бошлаганди. У 2012-13 йилларни “Орлеан”, 2013-14 йилларни “Ньор”, 2015 йилни эса “Кан” сафида ўтказганди. Сала 2015 йилдан буён “Нант” сафида тўп суриб келган, “Кардифф Сити” 20 январь куни, қишки трансферлар доирасида Салани ўз тарихидаги рекорд қийматга – 20,5 млн евро эвазига трансфер қилганди.

Аргентиналик форвард уэльсликлар клуби билан 2022 йилга қадар шартнома тузганди.

Эмилиано Сала жорий мавсумда “Нант” сафида 21 ўйинда майдонга тушиб, 13 гол урганди. “Кардифф” мураббийи Нил Уорнок уни жамоасининг навбатдаги ўйинига – 30 январь куни “Арсенал”га қарши кечадиган ўйинга туширмоқчи эди. Аммо футболчи АПЛда дебют қилолмади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид