Футбол

Бугун Ўзбекистон ФИФАга аъзо бўлган кун. Алишер Никимбаев кўзбўямачиликлар ва бошқа қизиқ, сиз ҳали ҳеч қаерда эшитмаган воқеалар ҳақида

1993 йилда Ўзбекистон футбол федерацияси илк марта ФИФА аъзолигига қабул қилинган. Албатта Ўзбекистоннинг ФИФАга тўлақонли аъзо бўлиши 1994 йилга тўғри келади, аммо аслида бизни биринчи марта вақтинчалик асосда 1993 йилнинг 16 декабр куни, аниқроғи бундан роппа-роса 26 йил Халқаро футбол Иттифоқига қабул қилишган.

Узоқ вақт давомида Ўзбекистон футбол федерациясида фаолият олиб борган Алишер Никимбаев 26 йил олдинги воқеаларни ёдга олди ва GoSport.uzʼга эксклюзив маълумотларни тақдим этди.

“Ёдимда бор, Ўзбекистон ФИФАга аъзо бўлиш истагини билдирганида рад жавобини олганди. Чунки биз ҳали ОФКга ёки УЕФА қўшилиш масаласини ҳал қилмагандик. Улар ОФК ва УЕФАдан бирига аъзоликдан сўнгина ФИФАга қабул қилишларини айтишганди.

Кейинроқ ЎФФ мутасаддилари саъй ҳаракатлари билан ФИФАга аъзо бўлиш бўйича ариза топширилган ва декабрь ойида ФИФА вакиллари Ўзбекистонга келишганди. Аммо ўша пайтда бизда нормал шароитдаги стадион ҳам йўқ эди. Биргина “Пахтакор”да бироз ҳолат яхшироқ, лекин уни ҳам ҳавас қиларли даражада эмасди. Ўшанда мутасаддилар кўзбўямачилик билан бўлсада, фақатгина “Пахтакор”ни кўрсатишган, бошқа бирорта ҳам стадионни кўрсатишмаганди. Чунки кўрсатгулик бирорта стадион йўқ эди. Бу билан ҳаммаси тугамаган. ФИФА вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилганди. Ўша вақтлари ЎФФда вице-президент лавозимида ишлаган раҳбарлардан бири фақат ўзи саволлар тузиб, фақат ўзи савол-жавоб қилган. Журналистларга умуман имконият берилмаганди.

Хуллас амаллаб, турли кўзбўямачиликлар билан бўлсада, ФИФА бизни вақтинчалик аъзоликка қабул қилганди. 1994 йилдан эса ташкилотга тўлиқ, расман аъзо бўлганмиз”, дея гапириб ўтди Никимбаев.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид