Футбол

ЎФА президентлиги учун номзодлар қабул қилиш бошланди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси уставининг 41-моддасига мувофиқ ЎФА аъзолари томонидан ЎФА президенти лавозимига номзод киритиш бўйича ёзма таклифлар 2019 йилнинг 14 июлига қадар ЎФА Бош котибиятига тақдим этилиши мумкин. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

Уставга мувофиқ ЎФА президенти лавозимига илгари суриладиган номзодлар қуйидаги шартлар асосида танлаб олинади:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаган бўлиши;
  • ЎФА аъзоларининг ҳар бири ўзлари илгари сурадиган номзодни белгиланган тартибда номзод сифатида сайлаган бўлиши ва сайлов ўтказилганлиги тўғрисидаги йиғилиш баённомасини номзод киритиш бўйича ёзма таклифга илова қилиши лозим;

Юқоридаги шартларга мос келадиган номзодлар халқаро талабларга мувофиқ тарзда ЎФА томонидан ўрганиб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 15 июль санасида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтади. Конференция кун тартибидан ЎФА президентини сайлаш масаласи ҳам ўрин олган.

Айни вақтда бу ташкилотга Очилбой Раматов раҳбарлик қилиб келади. Раматовнинг ҳукуматда ва Транспорт вазирлигидаги тиғиз иш режими сабаб у мазкур лавозимдан кетиши кутилмоқда. ЎФА президентлиги учун ҳозирда ЎФА вице-президенти вазифасини бажараётган Равшан Эрматов асосий даъвогар экани айтилмоқда.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид