Футбол

«Локомотив» «кейинги фаолиятини Бабаянсиз тасаввур қила олмаган» деган сўзлари учун ЎФАдан изоҳ талаб қилди

«Локомотив» раҳбарияти бугун, 27 февраль куни ЎФА расмий сайтида чоп этилган Самвел Бабаян тўғрисидаги баёнот матни юзасидан ЎФА матбуот хизматига эътироз билан чиқди.

Ассоциация баёноти қуйидаги сўзлар билан тугаганди: «ЎФА бундан буён Самвел Бабаян Ўзбекистоннинг ҳеч қайси терма жамоасида фаолият юритишига йўл қўймайди. Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган «Локомотив» футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди».

«Бундан буён Самвел Бабаяннинг ҳеч қайси терма жамоада ишлашига йўл қўймаслиги бу ЎФАнинг масаласи, бунга клуб аралаша олмайди. Лекин нима сабабдан хабар «Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган “Локомотив” футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди» деган гап билан тугаган, «Локомотив» ПФК шунисига ҳайрон», – дейилади «темирйўлчилар» расмий сайтидаги хабарда.

«Охирги гапда «Кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган «Локомотив» футбол клубининг қарорига…» деган жойини қандай тушуниш керак? Бу «Локомотив» Бабаянсиз ўз фаолиятини тасаввур қила олмайди, деган маънони беряптими? Маълумки, «Локомотив» футбол клуби шу пайтгача уч марта Ўзбекистон миллий чемпионати, уч марта Ўзбекистон Кубоги ҳамда икки бор Ўзбекистон Суперкубогида ғолибликни қўлга киритган ва буларнинг бирортасида Самвел Бабаяннинг қўли бўлмаган.

Бундан кўриниб турибдики, клуб шу пайтгача Самвел Бабаянсиз ҳам ўз мақсади йўлида давом этган ва бугунги кунга келиб «Локомотив» ПФК раҳбарияти таклифига биноан ўзбек футболидаги етук мутахассислардан бири Самвел Вячеславович клуб ривожига янада ҳисса қўшсин, деган яхши ниятлар билан клуб президенти маслаҳатчиси лавозимига қабул қилинди.

Гапнинг очиғи, хабар билан танишиб чиққан «Локомотив» ПФК раҳбариятига охирги жумла ёқмади. «Локомотив» яққол бир кишининг шахсий клуби эмас. Бу «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга тегишли ташкилот ҳисобланади ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳомийлиги остида турли мусобақаларда иштирок этади. Қолаверса «Локомотив» қайсидир шахссиз тасаввур қилиб бўлмайдиган клуб ҳам эмас. Ўтган йиллар ичида қанча одам ишлаб кетди, лекин поезд мудом ўз темирйўли устида юргани каби «Локомотив» ҳам ўзи танлаб олган йўл бўйича одимлашда давом этмоқда.

ЎФА расмий сайтида келтирилган хабардан келиб чиққан ҳолда «Локомотив» раҳбарияти ЎФА матбуот хизматидан охирги жумла учун тушунтириш беришни сўрайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра ҳар бир инсон касбий фаолият юритиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтади», дея ёзилган баёнотда.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид