Футбол

«Манчестер Сити» илк марта кетма-кет иккинчи йил Англия лига кубоги финалига чиқди

«Манчестер Сити» клуби Англия лига кубогининг 1/2 финал жавоб учрашуви доирасида «Бёртон» клуби меҳмони бўлиб, (1:0) ҳисобида ғалаба қозонди.

Томонларнинг биринчи ўйини Манчестерда бўлиб ўтган ва унда Хосеп Гвардиола шогирдлари 9:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу сафар Серхио Агуэро томонидан киритилган ягона гол умумий натижани 10:0 кўринишига олиб келди. Бу натижа, шунингдек, турнир рекордига ҳам айланди. Жамоа Англия лига кубогининг икки ўйин натижасига кўра, энг йирик натижасини қайд этди. Бунгача рекорд ҳам айнан «Сити»га тегишли бўлиб, жамоа 2014 йилги мавсумда «Вест Ҳэм»ни икки ўйин натижасига кўра, 9:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Бу натижа орқали «шаҳарликлар» ўз тарихида илк марта кетма-кет иккинчи йил ҳам Англия лига кубоги финалига йўлланма олди. Ўтган мавсум финалида «Ман Сити» ҳал қилувчи баҳсда «Арсенал»ни йирик (3:0) ҳисобда мағлубиятга учратиб, бош соврин соҳиби бўлганди.

Агар «Сити» бу сафар ҳам турнирда ғалаба қозонса, 9 йиллик танаффусдан сўнг кетма-кет икки мавсум Англия лига кубогини қўлга киритган илк жамоага айланади. Сўнгги марта «Манчестер Юнайтед» (2008/09, 2009/10) бу ишнинг уддасидан чиққан.

Жорий мавсум финалида «Манчестер Сити» «Челси» ва «Тоттенҳэм» жуфтлиги ғолибига қарши майдонга чиқади. Биринчи учрашувда шимолий лондонликлар ўз уйида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бугун «Челси» стадионида бўлиб ўтадиган учрашувда иккинчи финалчи номи маълум бўлади.

Англия лига кубоги
Ярим финал
Жавоб учрашувлари

Бёртон – Манчестер Сити 0:1 (0:1)
Гол: Агуэро (26).
Бёртон: Коллинз, Макфазин, Тернер (Ҳатчинсон, 40), Маккрори, Уоллес, Майерс-Харнесс, Миллер, Эйкинс, Куинн (Фокс, 46), Темплтон, Бойс (Дэниэл, 77).
Манчестер Сити: Мурич, Эрик Гарсия, Данило, Сандлер, Делф, де Брюйне (Менди, 63), Зинченко (Нмеча, 67), Маҳрез, Фоден, Поведа, Агуэро (Габриэл Жезус, 63).
Дастлабки учрашув — 0:9.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид