Футбол

«Манчестер Сити» кетма-кет иккинчи марта Англия лига кубогида зафар қучди

24 февраль куни Англия лига кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда кубокнинг амалдаги ғолиби «Манчестер Сити» ва Лондоннинг «Челси» жамоалари ўзаро рўбарў келишди.

Учрашувнинг асосий вақтида на «Манчестер Сити», на «Челси» рақиб дарвозасини ишғол қилишни уддалай олишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган иккита 15 дақиқадан иборат 30 дақиқалик экстра-таймларда ҳам вазият ўзгармади. Оқибатда ғолиб номи пенальтилар сериясига кўра аниқланди. Унда Хосеп Гвардиола шогирдларига омад кулиб боқди.

«Челси» таркибида Жоржиньо зарбасини дарвозабон қайтарган бўлса, Давид Луиз дарвоза устунини нишонга олди. «Сити» таркибида Лерой Сане зарбасини Кепа Аррисабалага қайтаришга муваффақ бўлди.

Қизиқ томони, ўйин сўнгида «Челси» бош мураббийи Маурицио Сарри пенальтилар серияси бўйича мутахассис захирадаги дарвозабон Вилли Кабальерони майдонга туширмоқчи бўлганди. Аммо кутилмаганда майдонда бўлган Кепа майдонни тарк этишдан бош тортди. Сарри қанчалик жаҳли чиқмасин охир-оқибат бу қарорга кўнишга мажбур бўлди. Якунда эса Кепа қаҳрамон бўла олмади.

Мазкур ғалаба орқали «Манчестер Сити» сўнгги 9 йилда илк марта кетма-кет икки марта Англия лига кубогида зафар қучган илк жамоага айланди. Сўнгги марта «Манчестер Юнайтед» 2009, 2010 йилларда бу натижани қайд этганди.

«Манчестер Сити» лига кубогидаги умумий ғалабалари сони бўйича ҳамшаҳарлари «Юнайтед»ни ортда қолдириб, соф иккинчи ўринга кўтарилиб олишди. «Сити» ҳисобида 6та шундай соврин бор. Биринчи ўринда бораётган «Ливерпуль» бу кубокни 8 марта ўзиники қилиб олган. «МЮ», «Астон Вилла» ва «Челси» ҳисобида бештадан лига кубоги бош соврини бор.

Англия лига Кубоги
Финал

Челси – Манчестер Сити 0:0 (Пеналтилар бўйича — 3:4)
Челси: Аррисабалага, Аспиликуэта, Давид Луиз, Рюдигер, Эмерсон, Жоржиньо, Канте, Баркли (Лофтус Чик, 89), Виллиан, Азар, Педро (Ҳадсон Одои, 79).
Манчестер Сити: Эдерсон, Зинченко, Ляпорт (Компани, 46), Отаменди, Уокер, Фернандиньо, Давид Сильва (Гундўған, 79), Де Брюйне (Сане, 86), Бернардо Сильва, Стерлинг, Агуэро.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид