Футбол

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига яна рухсат берилади

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда яна қонуний тотализаторлар фаолият кўрсатиши мумкин бўлади. Бу ҳақда “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон лойиҳасида кўзда тутилган.

Президент фармони лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб, халқаро тажрибадан келиб чиқиб спорт соҳасини, айниқса футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш банди ҳам қўшиб қўйилган.

Унга кўра, букмекерлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади. Букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет тармоғи провайдерларида хизматлар кўрсатилишини тартибга солинади.

Букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадларининг бир қисмини спорт турлари, шу жумладан футболни ривожлантириш учун йўналтирилади.

Букмекерлик фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш механизмлари жорий этилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар футбол фаолияти билан шуғулланувчи мутахассислар томонидан букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш, тотализатор ўйнаш, ўйинга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишилган ўйинлар ўтказиш, уларда иштирок этиш қатъий тақиқланади. Фармонда шулар юзасидан жавобгарликни белгилаш бўйича Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилга қадар Ўзбекистонда тотализаторлик фаолияти билан шуғулланган хусусий ташкилотлар мавжуд бўлган ва шундан сўнг уларнинг фаолияти ҳужжат асосида тақиқланганди.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид