Футбол

Ўзбекистон олимпия терма жамоасига янги бош мураббий тайинланди

Сербиялик мутахассис Любинко Друлович Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий қилиб тайинланди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

Манба хабарига кўра, томонлар Токио 2020 Олимпиадасига қадар амал қиладиган шартнома имзолаган. Унга Равшан Ҳайдаров ёрдамчи сифатида ишлайди.

«Авваламбор менга билдирилаётган ишонч учун ўзим ва ёрдамчиларим номидан раҳмат айтаман. Биз биргаликда ҳаракат қилиб, Токио Олимпиадасига бора оламиз. Умид қиламанки, ҳамкорлигимиз самарали бўлади», – деди Друлович.

Маълумот ўрнида, Любинко Друлович 1968 йилда туғилган. Мураббийлик фаолиятида Анголанинг «Агошту», Сербиянинг «Партизан» клубларини, Сербия ва БАА ўсмирлар терма жамоаларини, Македония терма жамоасини бошқарган. Сербия U19 билан Европа чемпионатида ғалаба қозонган, БАА U19 билан жаҳон чемпионатига чиққан. 2013 йилда Сербиянинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2019 йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралашида иштирок этади. Қуръага кўра, ҳамюртларимиз Ҳиндистон, Тожикистон ва Покистон олимпиячилари билан F гуруҳидан ўрин олган. Саралашдан ўтган жамоалар 2020 йил 8-26 январь оралиғида Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. Унда 16та жамоа иштирок этади, 1-3 ўринни қўлга киритганлар Токио – 2020 олимпиадасида қатнашиш имконига эга бўлади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид