Футбол

Ўзбекистон ОТЖ янги бош мураббий билан Тошкентда илк йиғинини бошлади

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 14-25 февраль кунлари Испаниянинг Сан-Педро-дель-Пинатар шаҳрида йиғин ўтказиши ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Унгача терма жамоа бош мураббийи Любинко Друлович Тошкентда йиғин ўтказишга қарор қилди. Йиғин давомида сербиялик мутахассис футболчилар билан яқиндан танишиб, уларнинг имкониятлари ва жисмоний ҳолатларини кўздан кечиради.

Тошкентдаги йиғин 14 февралга қадар давом этади. Кейин Олимпия терма жамоаси аъзолари Испанияга йўл олиб, ўша ерда йиғинни давом эттиришади. Испаниядаги йиғин давомида бир қатор назорат учрашувлари ўтказиш режалаштирилган.

Бугун Любинко Друлович ва унинг ёрдамчилари футболчилар билан дастлабки танишувни амалга оширишди. Учрашув давомида терма жамоа олдига Токио-2020 Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш вазифаси турганлиги, ушбу вазифани амалга ошириш учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш кераклиги айтиб ўтилди. Шунингдек, футболчиларга соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, турли зарарли одатлардан четда бўлиш кераклиги яна бир бор уқтирилди.

Тошкентдаги йиғин давомида Олимпия терма жамоаси аъзолари “Чиғатой” спорт мажмуасида ва “Миллий” стадион машғулотлар майдонида жисмоний машқлар олиб боришади.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид