Спорт курашлари

Олимпиада чемпиони Жалолов энди жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритди

Болгариянинг София шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида -55 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Умиджон Жалолов олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Ўтган йили Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда ўтган ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалолов эндиликда жаҳон чемпиони унвонини ҳам расмийлаштириб қўйди. -55 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган полвонимиз финалда эронлик рақибини 3:1 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди.

– 48 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Камронбек Қадамов эса финалда имкониятни бой бериб қўйди. Эрон термасининг бошқа бир вакили Раҳмон Амузадҳалилига қарши беллашувда 4:4 ҳисоби қайд этилди. Сўнгги очкони эронлик қўлга киритгани учун қоидага мувофиқ олтин медаль унга насиб этди. Қадамов эса кумуш медал билан кифояланди.

– 65 килограмм вазн тоифасида курашган бошқа бир ўзбекистонлик курашчи Қудратбек Нуриллаев эса бронза медали учун беллашувда ҳиндистонлик Маниш Госвамига 2:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун қизлар терма жамоаси ҳам баҳсларга киришади. Шунингдек -51 кг вазнда Арслон Раҳимов бронза медали учун кураш олиб боради.

Қуйида бугун бўлиб ўтадиган курашлар билан танишиб олишингиз мумкин.

Қизлар кураши:
-43 кг: Муножатхон Самиева – Яна Кацунова (Беларусь)
-49 кг: Дилшода Матназарова – Димитра Моуча (Греция)
-57 кг: Шаҳло Ҳидирова – Маря Плазер (Эстония)
-65 кг: Рушана Абдурасулова – Ника Анделич (Хорватия)

Эркин кураш. Бронза медали учун ўтиш босқичи:
-51 кг: Арслон Раҳимов – Али Колоухи (Эрон)

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид