Бошқа спорт турлари

Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши спортчиси аниқланди

Бир ҳафта давом этган сўровнома якунларига кўра, Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши спортчиси номи маълум бўлди.

GoSport.uz интернет-нашри муштарийлари берган овозга кўра, каноэда эшкак эшиш бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиб Вадим Меньков сўнгги 10 йилликнинг энг яхши спортчиси деб топилди. Унга жами иштирокчиларнинг 34 фоизи овоз берди.

Меньков бу рўйхатда бокс бўйича жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов (20 фоиз овоз олган) ва спорт гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитинани (8 фоиз) ортда қолдирди. Кучли бешликдан, шунингдек, олимпиада ва жаҳон чемпионлари Руслан Нуриддинов (оғир атлетика) ва Шаҳобиддин Зоиров (бокс, иккаласи ҳам 7 фоиздан овоз олишган) ўрин олди.

Эслатиб ўтамиз, GoSport.uz сўнгги 10 йилликнинг энг яхши спортчисини аниқлаш учун икки босқичдан иборат сўровнома ўтказди. Дастлабки босқичда 18 нафар спортчи танлаб олиниб, улар икки гуруҳга бўлинган ҳолда овозга қўйилди ва якунда энг кўп овоз тўплаган 10 нафар спортчи финал босқичида иштирок этди.

Мазкур сўровнома ғолиби фақатгина GoSport.uz интернет-нашрининг телеграм саҳифасида муштарийлар томонидан берилган овозларга кўра аниқланди. Таҳририят овоз беришда фақатгина мухлислар фикрини инобатга олди. Муштарийлар фикри таҳририят фикридан фарқ қилиши мумкин.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид