Бошқа спорт турлари

Ўзбекистонда умрбод ойлик тўланадиган спортчилар сони 57 нафарга етди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида” қарорига асосан Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари учун умрбод ойлик тўловлар тўлаб борилиши белгиланган эди.

Қарор ижросини таъминлаш бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг 27 декабридаги ва жорий йилнинг 7 февралдаги тегишли фармойишларига асосан, умрбод ойлик тўлов оладиган спортчилар рўйхати тасдиқланди.

Ҳозирча умрбод ойлик тўлов тўлаб бориладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндори сони 57 нафар.

Уларга Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳар йили тасдиқланадиган Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан:

Олтин медаль учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари;
Кумуш медаль учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари;
Бронза медаль учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида умрбод ойлик тўлаб борилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 октябрдаги 878-сон қарори билан тасдиқланган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган умрбод ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисида низомга асосан, умрбод тўловларни олиш учун ҳар йили 1 декабрга қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ариза ва паспорт нусхаси тақдим этилиши шарт.

Спортчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқса ёки мусобақада бошқа давлат номидан иштирок этса, бутунжаҳон антидопинг ташкилоти (WADA) томонидан тақиқланган дори воситалари қўллагани аниқланиб, Олимпия ва Паралимпия ғолиб ва совриндорлигидан маҳрум этилса, суд қарорига мувофиқ озодликдан маҳрум этилса, вафот этса умрбод ойлик тўлов тўхтатилади.

Таъкидлаш жоиз, спортчи келгуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларида яна ғолиб ва совриндор бўлса, унга умрбод ойлик тўловлар оширилган миқдорда тўланади.

Қуйидаги ҳаволада умрбод ойлик тўланадиган спортчилар рўйхати билан танишиб олишингиз мумкин.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид