Мусобақалар

2022 йилдан Осиё ўйинларида Океания мамлакатлари ҳам иштирок этади

2022 йили Хитойнинг Ҳангжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё ўйинларида Океания мамлакатлари ҳам иштирок этадиган бўлди. Бу ҳақда Бангкокда бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия Кенгашининг 38-Бош Ассамблеяси вақтида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Бош Ассамблея иштирокчилари Океания мамлакатларини ҳам Осиё спорт байроғи остида бирлаштириш учун ушбу қарорни маъқуллашган.

МОҚ хабарига кўра, бундай жараён 2017 йили Туркманистон пойтахтида ўтказилган ёпиқ иншоотлардаги ва жанговар спорт турлари бўйича ўтказилган Осиё ўйинларида синовдан ўтказилган. Ўша мусобақада Океания мамлакатларидан Фижи 1 тадан олтин ва кумуш медалларини жамғариб, ушбу минтақа вакиллари орасида етакчи бўлганди.

Шу тариқа 2022 йили Хитойнинг Ҳангжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё ўйинларида Осиё қитъаси вакиллари қаторида Океания мамлакатларидан ташриф буюрадиган атлетлар ҳам медаллар учун баҳс олиб боришади. Бироқ Океания мамлакатлари қайси спорт турларида ва қанча спортчи билан иштирок этиши борасида якуний қарор қабул қилинмаган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид