Мусобақалар

Тошкент ва Самарқанд Осиё ўйинларига мезбонлик қилмоқчи

2030 йилда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига Ўзбекистон мезбонлик қилиш учун ариза топширади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар берди.

Маълумотларга кўра, Тошкент ва Самарқанд мусобақаларга мезбонлик қилувчи шаҳарлар сифатида кўрсатилади. Шу мақсадда март ойида Олимпия ўйинларини ташкил қилишга масъул бўлган Халқаро олимпия қўмитаси мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюради. Улар Тошкентдаги ва Самарқандда халқаро мусобақаларга мўлжалланган ареналарни кўздан кечириши ва тегишли тавсиялар бериши кутилмоқда.

Режага Тошкент мусобақанинг асосий маркази бўлиши кутилмоқда. Спортнинг асосий турлари айнан пойтахтда бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Самарқандда асосан сув спорти (академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэ, триатлон ва б.) мусобақалари бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Осиё ўйинларини ўзида қабул қилиш учун очилиш маросими ва бир неча спорт турлари бўйича мусобақаларни ташкил қилиш мақсадида Тошкентда янги олимпия стадиони қурилиши ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлигини қўлга киритса, миллий спорт тури бўлган белбоғли кураш ҳам Осиё ўйинлари дастурига киритилиши ҳам режалаштирилган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид