Қишки спорт

2026 йилги Олимпиада ўйинлари мезбони маълум бўлди

2026 йилга қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларини Италиянинг Милан ва Кортина-дʼАмпеццо шаҳарлари қабул қилади. Бу ҳақда Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Олимпия қўмитасининг 134-сессиясида маълум қилинди.

XXV қишки олимпиада ўйинларини қабул қилишга Швециянинг Стокҳолм шаҳри ҳам даъвогарлик қилганди. Якунда Италиянинг икки шаҳри бу борада устунликни қўлга киритди.

Овоз бериш якуний натижаларини ХОҚ президенти Томас Бах эълон қилди.

Италиянинг Альп тоғлари ён бағрида жойлашган бу икки шаҳрига якунда 47 киши овоз берган бўлса, Швеция пойтахтини 34 киши қўллаб-қувватлаган, яна бир киши бетараф қолган.

“Биз қишки спорт турлари бўйича бой анъанага эга бўлган давлатда мисли кўрилмаган Олимпиада ўтказилишидан умидвормиз. Итальян ишқибозларининг эҳтироси ташкилотчилар тажрибаси билан биргаликда дунёнинг энг яхши спортчилари учун идеал муҳит яратиб беради”, дея гапириб ўтган Бах.

Эслатиб ўтамиз, Италия мамлакати бу орқали тўртинчи марта Олимпия ўйинларини қабул қилади. 1956 йилда Кортина-дʼАмпеццода ва 2006 йилда Туринда қишки, 1960 йилда эса Римда ёзги Олимпиада мусобақалари бўлиб ўтган.

Стокҳолм эса 1912 йилда Олимпия пойтахтига айланганди. Шундан сўнг 2004 йилда ёзги Олимпиадани қабул қилишга даъвогарлик қилган шаҳар якунда Афинага имкониятни бой берганди. Умуман олганда, Швеция 1912 йилдан бери саккиз маротаба Олимпия ўйинларини ўтказишга даъвогарлик қилган, лекин уларнинг барчаси муваффақиятсиз якунланган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид