Ҳоккей

Эртага Ўзбекистонда илк марта ҳоккей бўйича чемпионат бошланади

8 февраль куни ҳоккей бўйича Ўзбекистон биринчи чемпионати бошланади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги GoSport.uz интернет-нашрига маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўтказилаётган ушбу мусобақада “Бинокор”, “Ҳумо”, “Семурғ” ва “Тошкент” жамоалари иштирок этишади. Ўйинлар “Ice City” муз аренасида ташкил қилинади. Икки ой давом этадиган чемпионат доирасида 24 та учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Чемпионат тўлиқлигича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

8 февраль куни “Тошкент” ҳамда “Бинокор” жамоалари ўртасидаги ўйин билан Ўзбекистон I чемпионати старт олади. Ушбу баҳсдан сўнг музга “Ҳумо” ҳамда “Семурғ” жамоалари чиқиб келишади. Очилиш маросими соат 18:00 да бошланади.

Мунтазам чемпионат 17 март куни якунланади. 20 мартдан бошлаб эса икки раунддан иборат плей-офф баҳслари бошланади. Унда ўйинлар учта ғалабагача ўтказилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон ҳоккей федерацияси 2018 йилнинг 28 март куни ташкил топган. Федерация айнан шу куни Адлия вазирлигининг давлат рўйхатидан ўтказилган.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид