Ҳоккей

Ўзбек ҳоккей жамоаси ҳам КҲЛда иштирок этади

Келгусида Ўзбекистон ҳоккей жамоаси Континентал ҳоккей лигасида (Kontinental Hockey League) иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳоккей федерацияси биринчи вице-президенти лавозимига янги сайланган Искандар Шодиев маълум қилди.

Шодиевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳоккей бутун республика бўйича ривожлантирилади ва бунинг исботи ўлароқ минтақавий лигада ўзбек жамоаси ҳам иштирок этади.

«Ўзбекистонда хоккей аста-секинлик билан ривожлантирилмоқда. Бу йилдан миллий чемпионат ҳам ташкил этилди. Пойтахтимизда катта муз аренаси бунёд этилмоқда. Мақсадимиз — хоккейни Республика бўйлаб ривожлантириш. Вақти келиб КХЛда ҳам ўз жамоамиз бўлади», – деган Шодиев.

Ҳозирча қачон Ўзбекистон ҳоккей жамоаси мазкур нуфузли мусобақада иштирок этиши мумкинлиги маълум эмас.

Маълумот учун, КҲЛ лигаси халқаро очиқ лига бўлиб, унда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Латвия, Словакия ва Финляндия жамоалари иштирок этади ва якунда бош мукофот Гагарин кубоги учун куч синашади. Биринчи ҚҲЛ чемпионати 2008/09 йилги мавсумда бўлиб ўтган.

Айни вақтда лигада жами 25та жамоа иштирок этмоқда. Улар икки — ғарбий ва шарқий минтақага бўлинган ҳолда баҳс олиб боришади. Ҳар бир минтақа алоҳида дивизионларга ажратилган. Ғарбий минтақада Бобров ва Тарасов дивизионлари бўлса, шарқий минтақада Харламов ва Чернишёв дивизионлари мавжуд.

Долзарб хабарлар

Мавзуга оид